Кийимларни парвариш қилиш бўйича маслаҳатлар
Қадимий ва қимматбаҳо кийимларни уйда қандай қилиб тўғри сақлаш керак?
Қадимий кийимлар алоҳида парвариш талаб қилади, чунки вақт ўтиши билан матонинг ҳолати ўзгаради. Биринчидан, бу кийимлар айнан қандай тикилганини ҳар доим ҳам аниқ билавермаймиз. Қадимий усуллар бугунги кун талабига кўра на сифатга, на аниқ тикилиш қоидаларига эга эмас. Иккинчидан, агар кийим 100 йилдан эски бўлса (мутахассисларимиз қўлига баъзида шундайлари ҳам тушиб туради), буни сўраб билишга одам ҳам йўқ!
Биз битта нарсани аниқ биламиз - кийимлар эскиради! Матонинг иплари ёруғлик, намлик ва тортилиб-ишқаланишларга нисбатан таъсирчан бўлиб қолади. Бу ўзбек миллий кийимлари учун айниқса жуда муҳим. Чопонлар, атлас ва адрасдан тикилган кўйлаклар, қўлда тикилган кашталар ва зардоўзи безакли кийимлар кўпинча бир вақтнинг ўзида бир нечта матолардан иборат бўлади. Уларнинг ҳар бири ўзича эскиради.
Агар шундай кийим оилада авлоддан авлодга ўтиб келса, бу вазифа янада масъулиятли бўлади. Кийимнинг фақат ташқи кўринишини эмас, балки унинг шакли, ранги, каштаси ва мато тузилишини ҳам сақлаб қолиш керак.